O’rgan-o’rgat majmuasi

 “Ўрган-ўргат” тадбирлар мажмуасини амалга ошириш бўйича

ТАВСИЯЛАР

 

Бугунги кунда халк таълими тизимидаги энг муҳим вазифалардан  бири таълим сифати ва мазмунини янги боскичга кўтариш, маънавий жиҳатдан баркамол, ахлоқан пок, шахсий ва касбий фазилатларга бой, мустақил фикрлайдиган, ташаббускор, фаол ёшларни шакллантириш, ўкитувчиларнинг билими ва касбий маҳоратини ривожлантириш, уларга амалий методик ёрдам бериш, хусусан, ёш ўкитувчиларнинг танлаган касбига нисбатан иштиёқини оширишга қаратилган тадбирларни амалга оширишдир.

Бу вазифаларни самарали амалга ошириш учун ўзаро тажриба алмашиш усулидан фойдаланган ҳолда “Ўрган-ўргат” номи билан аталган, турли йўналишларни ўзида мужассасамлаштирган тадбирлар мажмуасини амалиётга татбиқ этишни тавсия этамиз. Ушбу ”Ўрган-ўргат” тадбирлари мактаблар ўртасида, туманлар ўртасида, ўқитувчилар ўртасида, директорлар ўртасида, директор ўринбосарлари ўртасида, ўқувчилар ўртасида бири-бирининг тажрибасини ўрганиш ва оммалаштириш, ўзаро дўстона рақобатбардошлик муҳитида иш жараёнини ташкил этиш мақсадида жорий этилади.

Ўрган-ўргат тадбирида иш тажрибаларни ўрганиш ва аниқланган камчиликлар юзасидан амалий ёрдам кўрсатиш, кадрларни мавсумий, бир-икки кунлик шаклда алмашиниб ишлаш, бир-бирлари билан фаолиятга (муаммолларни аниқлаш ва ечимини топиш, баъзиларига ўргатиш мақсадида) оид  дебат ўтказиш шаклларидан фойдаланиш мумкин.

 

Ўрган-ўргат туман(шаҳар)  халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш   бўлимлари ўртасида

 

Туман(шаҳар)лардаги Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимларининг бир-бирлари билан тажриба алмашинишини ташкил этишдан асосий мақсад фаолият кўрсатаётган бўлимларнинг ишини яхшилаш, самарадорликка эришиш ва бу орқали таълим муассасасаларининг фаолияти сифатини ошириш.

Ташкил этиш тартиби:

Туман(шаҳар)лардаги Халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимларининг бир-бирлари билан тажриба алмашинишини ташкил этиш учун вилоят халқ таълими бошқармаси туман (шаҳар)лар фаолиятидан келиб чиққан ҳолда уларни  бир-бирига буйруқ билан ярим ўқув йилга бириктиради, ярим йилдан  сўнгра яна туманларни алмаштириб қайта буйруқ чикаради. Буйруқда уларни бир -бирлардан ўрганиши лозим бўлган томонлари аниқ кўрсатилиши лозим. Вилоят халқ таълими бошқармаси томонидан уларнинг фаолияти назорат қилиб турилади ва натижалари таҳлил қилинади.

Туман фаолияти ҳар томонлама ўрганиб-ўргатиш учун қуйидагиларга эътибор қаратиш лозим:

  1. Кадрлар билан таъминланиши, салоҳияти ва уларнинг иш тақсимоти.
  2. Фаолиятининг режалаштирилиши ва унинг бажарилиши, мониторингининг олиб борилиши.
  3. Таълим муассасалари ва педагоглар билан ишлаш шакллари ва уларга кўрсатилган амалий, методик ёрдам.
  4. Таълим муассасасалари фаолиятини ўрганиш ва уларнинг рейтингини белгалаш.
  5. Кенгаш йиғилишларини режалаштириш, ўтказиш унинг самарадорлиги ва натижавийлиги.
  6. Ҳужжатлар билан ишлаш.

Ўрган-ўргат умумий ўрта таълим мактаблар ва уларнинг директорлари ўртасида

 

Мактабнинг асосий мақсади Давлат таълим стандартларига мувофиқ ўқувчиларни ўқитиш ва тарбиялаш ҳамда шахснинг таълим олиш ҳуқуқини рўёбга чиқариш ҳисобланади. Шу мақсаддан келиб чиққан ҳолда, барча мактабларда ҳам фаолият ташкил этилади, вазифалар устида ишланади, лекин натижа турлича, бу эса ушбу мактабдаги раҳбарнинг қобилиятига, тажрибасига ва энг асосийси жамаода соғлом муҳитни ярата олишига боғлиқ. Шунингдек, педагогик кадрларнинг тўғри танланиши, уларнинг салоҳияти, ижодкорлиги, ўз устида доимий равишда изланиши, янгиликларга талпиниши ва ўрганиб ўз шогирдларига ўргатишига боғлиқдир. Умумий ўрта таълим мактабининг ҳар бирида маълум маънода ўзига хос тажриба, анъаналар бор. Ушбу тажрибани бошқа мактаблар билан алмашишни йўлга қўйиш, мактаблар фаолияти самарадорлигини оширишга ёрдам беради.

Ташкил этиш тартиби. Туман таълим муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими томонидан, тумандаги мактаб директорларининг йиғилишида уларнинг ҳоҳишларига кўра, мактабларни бир-бирига бириктириб, рўйхати шакллантирилади. Ҳоҳиш билдирган мактаблар ўртасида  ҳамкорликда “Ўрган -ўргат” иш режаси тузилади.

Режа тузишда қуйидаги бандлар киритилади:

-умумий ўрта таълим мактаб фаолияти;

-мактаб раҳбариятининг фаолияти.

Умумий ўрта таълим мактабининг фаолиятини режалаштиришда қуйидагиларни инобатга олиш лозим:

-мактабнинг теварак-атрофини, тозалик, озодалик санитария ҳолати, таъмирлаш ва унинг сақланиш аҳволи;

-мактабдаги мебель, ўқув-лаборатория жиҳозлари, спорт анжомларининг  сақланиши ва улардан самалари фойдаланиш аҳволи;

-мактабда таълим-тарбия жараёнининг замонавий талабларига мос келиши;

-мактабда дарс жараёнида ўқитишнинг янги усуллари, янги педагогик технологияларнинг жорий этилганлиги;

-мактабда кадрлар салоҳияти, ўқувчилар эҳтиёжининг тўлиқ қондиришилиши;

-фанлар бўйича метод бирлашмалар фаолияти, ўқитувчиларга методик ёрдамнинг ўз вақтида ва керакли даражада берилиши;

-мактаб раҳбарларининг дарс бериши ва дарс таҳлилларининг талаб даражасида амалга оширилиши;

-дарс жадвалининг талаб даражасида тузилганлиги;

-ўқув режалари, ўқув дастурларининг амалиётда тўғри қўлланилиши;

-фанларнинг чуқурлаштириб ўқитилиши ва меърий ҳужжатларга мос равишда ташкил этилганлиги;

-мактабда ИКТ ўқитилиши, ўқитувчиларнинг компьютер саводхонлиги  даражаси

-синф раҳбарларининг иш режалари ва унинг ўз вақтида бажарилиши;

ота оналар ва маҳалла билан ишлаши;

битирувчиларни таълимнинг кейинги босқичига жалб этилиши, психологлар фаолияти;

кутубхона  фаолияти;

ўқувчилар бўш вақтларининг тўғри ташкил этилганлиги;

Камолот, ЁИҲ, Камалак бошланғич ташкилоти фаолиятининг тўғри ташкил этилиши,

мактабда тиббий хизматнинг ташкил этилиш аҳволи каби йўналишлар;

 

Режа асосида бир-бирларининг фаолияти масъул шахслар (методбирлашма раислари, кутубхоначи, психолог, болалар ва ўсмирлар етакчилари, директор ўринбосарлари, мактаб раҳбарияти) томонидан ўрганилади. Ўрганиш жараёнида учраган камчиликлар юзасидан маслаҳатлар берилади ва лозим деб топган тажрибаларини ўз иш фаолиятида фойдаланилишини белгилаб оладилар.

Бошқаришнинг ташкилий–маъмурий усуллари;

Бошқаришнинг ҳуқукий усуллари;

Бошқаришнинг бевосита кўрсатма бериш усуллари;

Бошқаришда рағбатлантиришдан фойдаланиш усуллари;

Кадрларни маънавий жиҳатдан ривожлантириш усуллари;

Бошқаришда кузатиш усули;

Бошқаришда суҳбат усули;

Мактаб ҳужжатларини таҳлил қилиш усули;

Раҳбарият фаоиятини режалаштириш;

Мактаб раҳбариятининг ходимлар билан мулоқот маданияти;

Мактабда ташкил қилинган ижодий муҳит;

Мактаб рахбарияти ўз фаолиятини режалаштириши ва унинг амалга ошириши;

Мактаб ички назоратининг юритилиш аҳволи;

Мактаб раҳбариятининг ўкувчилар, ота-оналар ва ўқувчилар билан олиб борган ишлари.

Ҳар бир мактаб директори, лозим деб топилган ўринбосарлари билан биргаликда иккинчи мактабда 1кунлик (1 ҳафталик) раҳбарият вазифасини бажаради.

Ҳар бир мактаб раҳбари ўз фаолиятини сарҳисоб қилиши ва бошқа таълим муассасаларида амалга оширилаётган ишларни, изланиш ва ютуқларни кўриб, ижодий таҳлил қилиши, қиёслаши, умумлаштириб хулосалар чиқариш асосида ўрганганларини амалий фаолиятда тизимли қўллаш, тегишли мақсадларда такомиллаштириб фойдаланишлари учун амалга ошириладиган ишларнинг режасини тузиб олиши зарур.

“Ўрган –ўргат” — ўқувчилар ўртасида

          Умумий ўрта таълим мактабида   таълим- тарбия жараёнини тўғри ва илмий асосда ташкил этиш учун ўқувчининг ўзига хос психологик  ҳолатини ўрганиши муҳим саналади. Зотан, ҳар бир ўқувчи  ўзига хос феъл-атворга эга. Шу боис, таълим-тарбия жараёнида уларга индивидуал  муносабатда бўлиш, шахсий хусусиятларини ўрганиш орқали тарбиявий  таъсир кўрсатиш оқилона ва самарали усулдир. Ўқувчини ўрганишда унинг биринчидан яхши жиҳатлари, ижобий томонларини эътироф этиш яхши самара беради. Демак, ўқувчи ва ўқувчи ўртасида ўзаро дўстона муносабатнинг шаклланиши таълим сифатини кафолатловчи муҳим омиллардан бири ҳисобланади. Жумладан, ДТС талабларини ўзлаштиришида қийналаётган ўкувчиларга кўмаклашувчи  «Фаол ўқувчилар»  мактабининг  ташкил этиш орқали амалга оширилиши мумкин.

Мактаб иқтидорли ўқувчини бошқа бир иқтидорли билан, ўзлаштириш кўрсаткичи ўрта ўқувчини худди шундай ўқувчи билан ёки аъло ва бўш ўзлаштирувчи ўқувчидан жуфтлик ҳосил қилиш орқали фанлар бўйича ўқувчиларнинг ўзлаштириш сифатини ошириш, бўш ўзлаштирувчи ўқувчиларни юқори даражага  кўтариш, ўқувчилар ўртасида дўстона муҳитни шакллантириш, бир-бирига ёрдам бериш ҳисларини тарбиялаш ҳамда иқтидорли, илғор ва ижодкор ўқувчиларни аниқлаб, уларга ёрдамга муҳтожлик сезадиган ўқувчиларни бириктириш йўли орқали уларни ўқишга қизиқишларини ошириш, илғор ўқувчилар сафига қўшилишига иштиёқ уйғотиш, ўзлаштириши  паст бўлган ўқувчилар билан ишлашни йўлга қўйиш, ўқувчининг фаоллигини ошириш мақсадида ташкил этилади.

 

 “Ўрган-ўргат”– ўқитувчилар ўртасида

“Ўрган-ўргат”– ўкитувчилар ўртасида икки йўналишда амалга оширилади: 1.Устоз-шогирд мактаби ташкил этиш орқали. 2.Илғор тажриба мактабининг ташкил этиш орқали.

 

  1. Устоз-шогирд мактаби

              Ҳудудлардаги таълим муассасаларида «Устоз-шогирд» мактабини ташкил этиш учун туман (шаҳар) Халқ  таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига таълим муассасалари тавсия этилган номзодлар орасидан қуйидаги талабларга мувофиқ Устозлар  танлаб олиниб, устоз ишлайдиган мактабда «Устоз-шогирд» мактаби ташкил этилишига оид буйруқ қабул қилинади.

        олий педагогик маълумотга эга бўлган;

ўз фани йўналишида илғор тажрибага эга, ижодкор, ташаббускор, янгиликка интилувчан ва мунтазам равишда касбий билимларини ошириб борган;

фаолияти тўғрисида таълим муассасаси раҳбарлари, касбдошлари, ўқувчилар ва уларнинг ота-оналари томонидан ижобий баҳо  берилган;

         илмий-амалий анжуманларда маърузачи сифатида иштирок этган, Республика ва маҳаллий матбуотда эълон қилинган мақола ёки илмий, илмий-методик, тўпламларда чоп этилган маърузалар муаллифи;

“Йилнинг энг яхши фан ўқитувчиси”, “Йилнинг энг яхши педагоги”,  ёки “Йилнинг энг яхши тарбиячиси” кўрик-танлови (республика, вилоят, туман) совриндори;

ўзи фаолият олиб бораётган таълим йўналиши бўйича камида 3-5 йил давомида ўқувчиларининг ўзлаштириш сифат кўрсаткичи юқори бўлганлиги ва бошқа кўрсаткичлари ҳисобга олинади.

 Танланган Устоз ўз иш жойидаги хизмат вазифаларини тўлиқ бажариши ва шу билан бирга, ўзига бириктирилган шогирдлар билан шуғулланиши учун сарфланадиган вақтни ҳисобга олган ҳолда бир Устозга кўпи билан уч нафардан бир нафаргача шогирд бириктирилади. (меҳнат таълими, тасвирий санъат, мусиқа, чизмачилик фан ўқитувчилар учун бир нафар шогирд  бўлиши мумкин). 

        Шогирдлар Устоз ишлайдиган таълим муассасасидан, ёки ушбу мактабга яқин ҳудуддаги мактаблардан, тегишли фан методика бирлашмаларининг тавсиясига биноан танланиб, туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимининг буйруғи билан Устозга бириктирилади. Шогирдларни танлашда уларнинг касбий тайёргарлик даражаси қуйидагича бўлиши кўзда тутилади:

биринчи шогирд тажрибали, касбий маҳорати юқори (устозлик даражасига яқин) бўлган педагог; иккинчи шогирд-тажрибали, касбий маҳорати бўйича малакасини оширишга ўзида эхтиёж сезган педагог; учинчи шогирд —  ёш мутахассис.

       Туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими шогирдларни Устозга бириктириш тўғрисидаги буйруғида қуйидагилар акс эттирилади:

-белгиланган Устоз ва шогирдларнинг иш жойи, лавозими;

-узлуксиз малака оширишнинг ўқув-методик, ўқув-моддий, моддий-техника ва молиявий таъминоти масалалари;

-устоз меҳнатини рағбатлантириш тартиби ва манбалари;

-узлуксиз малака ошириш жараёни мониторинги ва назорати тартиби, шунингдек, шогирдларнинг “Устоз-шогирд” мактаби бўйича ўқув йилига мўлжалланган  жараёни жадвали тасдиқланади.

Буйруқ нусхаси  белгиланган Устознинг ва шогирдларнинг иш жойига етказилади.

        «Устоз-шогирд» мактабидаги машғулотлар тегишли фан ўқитувчиларининг методик кунларида илмий, методик ва амалий билимларни ўрганиш бўйича ўқув, семинар, тренинг, баҳс-мунозаралар ўтказиш ҳамда амалий кўникма ва малакаларни мустаҳкамлаб бориш бўйича ўзаро дарслар кузатиш, таҳлил қилиш ва тегишли консультациялар шаклида олиб борилади.

Ўзаро дарслар кузатиш ва таҳлил қилишни тегишли фан ўқитувчиларининг методик кунларида, ҳар ойнинг биринчи ҳафтасида Устоз ишлайдиган таълим муассасасида унинг дарсини, кейинги ҳафталарда навбати билан шогирдлар ишлайдиган таълим муассасаларига бориб, уларнинг дарсини кузатиш ва таҳлил қилиш шаклида олиб борилади. Бунинг учун тегишли таълим муассасалари маъмурияти томонидан методик кунларда” Устоз ва шогирд”  дарсларини ўтказиш учун дарс жадвали мувофиқлаштириб берилади.

«Устоз-шогирд» мактаби фаолияти самарадорлигига бевосита туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими қошидаги таълим муассасаларининг ўқув-тарбия жараёнини методик таъминлаш кичик гуруҳининг  методистлари масъул ҳисобланади. Улар устоз ва шогирд ўқитувчиларнинг номзодини таълим муассасадаги фан метод бирлашмаси билан келишган ҳолда белгилайди, ҳамкорлик режасини ишлаб чиқади ва ижросини назоратга олади, фанлар кесимида амалий-услубий ёрдамлар, вақти-вақти билан давра суҳбатлари, семинарлар ўтказиб, юзага келаётган муаммоларни бартараф этиш чораларани кўради.  

Ҳар чорак якунида устоз ва шогирдлар ҳамкорлиги натижаси бўйича давра суҳбатлари ўтказади, ўзаро дарс кузатувлари хулосаларини тинглайди, ҳамкорликда тайёрланган ҳужжатлар йиғмажилдлари асосида  умумий фаолият мониторингини олиб боради. Унда: Устоз ва шогирднинг дарс таҳлиллари, ўқувчиларни ҳар чорак давомида ўзлаштириш сифат кўрсатгичлари, чораклар кесимида ўзлаштириш сифат кўрсатгичларни қиёслаш, илғор тажрибаларни ўрганиши ва амалга татбиқ қилиши, инновациялар (илғор педагогик ва ахборот технологиялари)дан фойдаланиши, ижодий, методик ёки илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланиши,  фаолиятнинг рейтинг кўрсатгичлари эътиборга олинади.

   Мониторинг натижалари бўйича юқори кўрсаткичларга эришган шогирдга Устоз ва у ишлайдиган таълим муассасаси тегишли Фан методика бирлашмасининг тавсиясига биноан устозлар рўйхатига ўтказиш масаласини кўриб чиқади, туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими қошидаги таълим муассасаларининг ўқув-тарбия жараёнини методик таъминлаш кичик  гуруҳи кенгашига муҳокама қилиш учун тақдим этилади ҳамда туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлими раҳбари томонидан тасдиқланади.

 

Устоз ва шогирдлар ишлаётган таълим муассасаси раҳбарияти:

 

Устознинг таълим муассасасида шогирдлар билан машғулот олиб бориши учун зарур шарт-шароитлар яратилади, дарс жадвалини фанлар кесимида метод кунларга қўйилишини таъминлайди.

Шогирдларнинг тегишли йўналишлар бўйича керакли асбоб-ускуналар, лаборатория жиҳозлари, материаллар, кўргазмали қуроллар, техника воситалари каби жиҳозлардан фойдаланиши учун шароитлар яратади.

Устоз ва шогирдларни ўрнатилган тартибда директор жамғармаси ҳамда бюджетдан ташқари топилган маблағлар ҳисобидан рағбатлантириб борилади. 

Методика кенгашида “Устоз-шогирд” мактаби  бўйича ҳисоботларини эшитади ва хулосалар тайёрлайди.

Натижалар шогирд ўқитувчи ишлайдиган таълим муассасасидаги тегишли фан методика бирлашмаси ҳамда Устоз томонидан олиб борилган кузатувлар ва методика бирлашмасининг хулосаси асосида чиқарилади.

“Устоз-шогирд” мактаби  фаолияти  бўйича Туман (шаҳар) халқ таълими муассасалари фаолиятини методик таъминлаш ва ташкил этиш бўлимига таклиф ва хулосаларни тақдим этади.

Устоз ўқитувчи:

шогирдларнинг индивидуал режаси бўйича билим, кўникма, малакаларни ўзлаштириб боришларини, индивидуал режада белгиланган тадбирларнинг ўз вақтида тўлиқ ва сифатли бажарилишини назорат қилади;

шогирдлари фаолиятига ва ўз устида ишлаш режаларини бажарилиши мониторингини олиб боради;

шогирдларининг дарсларини кузатади, таҳлил қилади, амалий-методик тавсиялар бериб боради;

замонавий ўқув-лаборатория асбоб-ускуналари ва жиҳозларидан самарали фойдаланиш, илғор иш тажрибаларни, ахборот-коммуникация ва мультимедия воситаларини ҳамда электрон дарсликларни   амалиётга татбиқ қилишга кўмаклашиб боради.

Шогирдлар:

индивидуал режада белгиланган тадбирларни бевосита ўз вақтида амалга оширади;

устозларнинг ва ҳамкасб шогирдларининг дарсларини кузатади, устоздан маслаҳатлар олади ва дарс жараёнида сифат-самарага эришиш учун ўз устида ишлаш режаси асосида билимини ошириб боради;

устознинг дарсларини кузатиши тажрибасини ўрганади;                                                                                                                                                            

ижодий, методик ёки илмий-тадқиқот фаолияти билан шуғулланади.

 

  1. Илғор тажриба мактабининг ташкил этиш орқали

 

        Устоз-шогирд мактабига аъзо бўлмаган ўқитувчилар учун илғор тажриба мактаби ташкил этилади. Мактабга илғор ташкилотчи ўқитувчилардан  раҳбар белгиланади. Илғор тажриба  мактаби бўйича  бир ойда икки марта машғулотлар ташкил этади. Мактабнинг иши унинг ташкил этилишига қараб режалаштирилади. Режада берилган мавзулар ушбу мактабдаги ёки қўшни мактабда илғор тажрибали ўқитувчилар томонидан амалга оширилади.

            Илғор тажриба мактабига асосан, дарс ўтишнинг ноанънавий усулларидан, янги педагогик технологиялардан, инновацион  ва интерфаол  усуллардан унумли ва самарали фойдаланган ўқитувчилар орасидан танлаб олинади.

            Илғор тажриба  мактабида фаолият кўрсатадиган ҳар бир ўқитувчи ўз иш тажрибасини бошқа ўқитувчилар билан ҳамкорликда олиб боради.  Масалан, мактабнинг ўқитувчилари қуйидаги усуллар орқали  бир-бирлари билан тажриба алмашишлари мумкин.

-дарс ўтишнинг инновацион усулларидан кенг фойдаланиш;

-дарс ўтишда ахбарот коммуникация технологияларидан фойдаланиш;

-дарсларда ўқувчилар фаоллигини ошириш,

-кичик гуруҳларда ишлаш;

-бўшлиқлар устида ишлаш;

-ўқувчиларнинг ижодий фаолиятини ўстириш;

-дарс ўтишда  дидактик материаллардан фойдаланиш;

-“Ҳамкорликда ўқитиш технологияси”дан  фойдаланиш;

-“Дидактик ўйин технологияси”дан фойдаланиш;

- “Модулли таълим технологияси”  орқали  ва ҳ.к.

            Илғор тажриба  мактабида  олиб  бориладиган машғулотларни  ҳар бир ўқитувчи мактаб иш режасида белгиланган мавзулар асосида ўз иш тажрибасидан келиб чиқиб олиб боради. Мактабда олиб  борилган ҳар бир машғулотдан ҳар бир ўқитувчи маълум бир тажриба ва янгилик  ўрганишга  муваффақ бўлади. Ҳудудларда илғор тажриба мактабларининг ташкил этилиши орқали ёш ва тажрибаси кам ўқитувчиларга услубий  ёрдам берилади. Шунингдек, дарс ўтиш сифати оширилиб, ўқувчиларнинг билим-самарадорлигини оширишга эришилади.    

Энг муҳими:

“Ўрган-Ўргат” тадбирлар мажмуасини амалга оширишда ҳисоботбозликка йўл қўйилмайди, амалга оширилган ишлар ҳисоботи ёзилмайди ва олинмайди,  ушбу вазифаларга ихтиёрий, сидқидилдан ва виждонан ёндашиш тавсия этилади;

“Ўрган-Ўргат” тадбирлар мажмуаси тавсия ҳисобланиб, мажбурий кўринишга эга эмас, жойларда бунданда яхшироқ тажрибалар аниқланса, улардан фойдаланган ҳолда амалиётга татбиқ этиш  мумкин;

“Ўрган-Ўргат” тадбирлар мажмуаси кўп сонли педагоглар тажрибаси асосида мунтазам бойиб бораверади.

 “ЎРГАН — ЎРГАТ” тадбирлар мажмуасини амалга ошириш бўйича

ТАВСИЯЛАР

 

 

Добавить комментарий

Ваш e-mail не будет опубликован. Обязательные поля помечены *

Можно использовать следующие HTML-теги и атрибуты: <a href="" title=""> <abbr title=""> <acronym title=""> <b> <blockquote cite=""> <cite> <code> <del datetime=""> <em> <i> <q cite=""> <strike> <strong>