Xabarlarga obuna bo'ling
» » УМУМИЙ ЎРТА ВА ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИНИНГ ДАВЛАТ ТАЪЛИМ СТАНДАРТЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

УМУМИЙ ЎРТА ВА ЎРТА МАХСУС, КАСБ-ҲУНАР ТАЪЛИМИНИНГ ДАВЛАТ ТАЪЛИМ СТАНДАРТЛАРИНИ ТАСДИҚЛАШ ТЎҒРИСИДА

Sana: 06-08-2018   /   HUJJATLAR   /   Ko'rishlar: 77

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг

қарори

Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида

(Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатлари тўплами, 2017 й., 14-сон, 230-модда)

«Таълим тўғрисида»ги ва «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси қонунларига мувофиқ, умумтаълим фанларини ўқитишнинг узлуксизлиги ва изчиллигини таъминлаш, замонавий методологиясини яратиш, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат таълим стандартларини компетенциявий ёндашув асосида такомиллаштириш, ўқув-методик мажмуаларнинг янги авлодини ишлаб чиқиш ва амалиётга жорий этишни ташкил этиш мақсадида Вазирлар Маҳкамаси қарор қилади:

1. Қуйидагилар:

Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти 1-иловага мувофиқ;

Ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандарти 2-иловага мувофиқ;

Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари бўйича малака талаблари 3-иловага мувофиқ;

Академик лицей ва касб-ҳунар коллежи дипломларининг давлат намуналари 4-иловага мувофиқ;

Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун умумтаълим фанларидан ўқув-методик мажмуаларнинг янги авлодини ишлаб чиқишга қўйиладиган умумий талаблар 5-иловага мувофиқ тасдиқлансин.

2. Белгилаб қўйилсинки:

умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартлари 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб босқичма-босқич амалиётга жорий этилади;

умумтаълим мактабларининг бошланғич синфлари учун филология фанлари ва аниқ фанлар бўйича машқ дафтарларини нашр этиш ҳамда етказиб бериш Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги ҳузуридаги Республика мақсадли китоб жамғармасини ташкил этиш чора-тадбирлари тўғрисида» 2006 йил 1 июндаги ПҚ-363-сон қарорида белгиланган дарсликларни нашр этиш ҳамда етказиб беришни молиялаштириш тартибига асосан, мультимедиали диск иловаси билан таъминлаш эса — ўқитувчиларни ўқув-методик қўлланмалар билан таъминлаш тартиби асосида амалга оширилади.

3. Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази:

икки ой муддатда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартлари талаблари асосида ўқув дастурларини янгидан ишлаб чиқиб, белгиланган тартибда тасдиқласинлар ҳамда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасаларига етказсинлар;

Ўзбекистон матбуот ва ахборот агентлиги билан биргаликда уч ой муддатда яратилаётган ўқув-методик мажмуаларнинг ўқувчиларни мантиқий фикрлашга ундайдиган, расмларга бой, замонавий матбаа талабларига жавоб берадиган шаклларда чоп этилишини таъминласинлар;

умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартлари ва ўқув дастурларини амалиётга самарали жорий этиш юзасидан тегишли мутахассислар учун 2017-2018 ўқув йилидан бошлаб мақсадли ўқувлар ташкил этсинлар ҳамда педагог ходимларни қайта тайёрлаш ва уларнинг малакасини ошириш курслари дастурлари ва ўқув модулларининг қайта кўриб чиқилишини таъминласинлар.

4. Ўзбекистон Республикаси Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази Соғлиқни сақлаш вазирлиги, Маданият вазирлиги, Жисмоний тарбия ва спорт давлат қўмитаси, Ўзбекистон Бадиий академияси ҳамда манфаатдор вазирликлар ва идоралар билан биргаликда 2017-2018 ўқув йилига қадар академик лицейларнинг таълим йўналишлари ва касб-ҳунар коллежларининг тайёрлов йўналишлари бўйича малака талаблари, ўқув режалари ва дастурларини ишлаб чиқсин ва белгиланган тартибда тасдиқласин.

5. Ўзбекистон Республикаси Молия вазирлиги Халқ таълими вазирлиги, Олий ва ўрта махсус таълим вазирлигининг Ўрта махсус, касб-ҳунар таълими маркази тақдим этган харажатлар сметалари асосида умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг давлат таълим стандартлари, академик лицейларнинг таълим йўналишлари ва касб-ҳунар коллежларининг тайёрлов йўналишлари бўйича малака талабларини, ўқув режалари ва дастурларини, академик лицей ва касб-ҳунар коллежи дипломлари бланкаларини чоп этиш учун сарфланадиган маблағларни белгиланган тартибда ажратсин.

6. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 6-иловага мувофиқ айрим қарорларига ўзгартиришлар киритилсин.

7. Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 7-иловага мувофиқ айрим қарорлари 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисоблансин.

8. Вазирликлар ва идоралар ўзлари қабул қилган норматив-ҳуқуқий ҳужжатларни бир ой муддатда ушбу қарорга мувофиқлаштирсинлар.

9. Мазкур қарорнинг бажарилишини назорат қилиш Вазирлар Маҳкамасининг Таълим ва илм-фан масалалари ахборот-таҳлил департаментига юклансин.

Ўзбекистон Республикасининг Бош вазири А. АРИПОВ

Тошкент ш.,

2017 йил 6 апрель,

187-сон


Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 187-сон қарорига
1-ИЛОВА

Умумий ўрта таълимнинг

ДАВЛАТ ТАЪЛИМ СТАНДАРТИ

1-боб. Асосий қоидалар

1. Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти (кейинги ўринларда давлат таълим стандарти деб аталади) давлат таълим стандартининг мақсад ва вазифаларини, асосий принципларини, таркибий қисмларини, давлат таълим стандартларини жорий этиш ҳамда давлат таълим стандартлари талабларига риоя этилишини назорат қилиш тартибини белгилайди.

2. Давлат таълим стандартини ишлаб чиқиш қуйидаги ҳужжатларга асосланади:

Ўзбекистон Республикаси Конституцияси;

«Таълим тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни;

«Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги Ўзбекистон Республикаси Қонуни;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Узлуксиз таълим тизими учун давлат таълим стандартларини ишлаб чиқиш ва амалда жорий этиш тўғрисида» 1998 йил 5 январдаги 5-сон қарори;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Узлуксиз таълим тизимининг чет тиллар бўйича давлат таълим стандартини тасдиқлаш тўғрисида» 2013 йил 8 майдаги 124-сон қарори;

Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш тўғрисида»ги 2017 йил 15 мартдаги 140-сон қарори;

O‘zDSt 1.0-98. «Ўзбекистон Республикаси стандартлаштириш давлат тизими. Асосий қоидалар»;

O‘zDSt 1.1-92. «Ўзбекистон Республикаси стандартлаштириш давлат тизими. Ўзбекистон Республикаси стандартларини ишлаб чиқиш, мувофиқлаштириш, тасдиқлаш ва рўйхатдан ўтказиш тартиблари»;

O‘z DSt 1.5-93. «Стандартлаштиришга доир норматив ҳужжатларни кўриб чиқиш, текшириш, ўзгартириш киритиш ва бекор қилиш тартиби»;

O‘z DSt 1157:2008. Ҳужжатларни унификациялаштириш тизими. Ташкилий-фармойиш ҳужжатлар тизими. Ҳужжатларни расмийлаштиришга бўлган талаблар.

O‘z DSt 1.8:2009. Асосий қоидалар. Тавсиялар.

3. Давлат таълим стандартини бажариш Ўзбекистон Республикаси ҳудудида фаолият кўрсатаётган барча умумий ўрта таълим муассасалари учун мажбурийдир.


2-боб. Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартининг мақсад ва вазифалари

4. Давлат таълим стандартининг мақсади — умумий ўрта таълим тизимини мамлакатда амалга оширилаётган ижтимоий-иқтисодий ислоҳотлар, ривожланган хорижий мамлакатларнинг илғор тажрибалари ҳамда илм-фан ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларига асосланган ҳолда ташкил этиш, маънавий баркамол ва интеллектуал ривожланган шахсни тарбиялашдан иборат.


5. Давлат таълим стандартининг вазифалари қуйидагилардан иборат:

умумий ўрта таълим мазмуни ва сифатига қўйиладиган талабларни белгилаш;

миллий, умуминсоний ва маънавий қадриятлар асосида ўқувчиларни тарбиялашнинг самарали шакллари ва усулларини жорий этиш;

ўқув-тарбия жараёнига педагогик ва замонавий ахборот-коммуникация технологияларини жорий этиш, умумий ўрта таълим муассасаларининг ўқувчилари ва битирувчиларининг малакасига қўйиладиган талабларни белгилаш;

кадрларни мақсадли ва сифатли тайёрлаш учун таълим, фан ва ишлаб чиқаришнинг самарали интеграциясини таъминлаш;

таълим ва унинг пировард натижалари, ўқувчиларнинг малака талабларини эгаллаганлик даражасини тизимли баҳолаш тартибини, шунингдек таълим-тарбия фаолияти сифатини назорат қилишнинг ҳуқуқий асосларини такомиллаштириш;

давлат таълим стандартлари талабларининг таълим сифати ва кадрлар тайёрлашга қўйиладиган халқаро талабларга мувофиқлигини таъминлаш.


3-боб. Умумий ўрта таълим давлат таълим стандартининг асосий принциплари

6. Давлат таълим стандарти қуйидаги асосий принципларга асосланади:

ўқувчи шахси, унинг интилишлари, қобилияти ва қизиқишлари устуворлиги;

умумий ўрта таълим мазмунининг инсонпарварлиги;

давлат таълим стандартининг таълим соҳасидаги давлат ва жамият талабларига, шахс эҳтиёжига мослиги;

умумий ўрта таълимнинг бошқа таълим турлари ва босқичлари билан узлуксизлиги ва таълим мазмунининг узвийлиги;

умумий ўрта таълим мазмунининг республикадаги барча ҳудудларда бирлиги ва яхлитлиги;

умумий ўрта таълимнинг мазмуни, шакли, воситалари ва усулларини танлашда инновация технологияларига асосланилганлиги;

ўқувчиларда фанларни ўрганиш ва таълим олишни давом эттириш учун таянч ва фанларга оид умумий компетенцияларни ривожлантиришнинг таъминланганлиги;

ривожланган хорижий мамлакатларнинг таълим соҳасида меъёрларни белгилаш тажрибасидан миллий хусусиятларни ҳисобга олган ҳолда фойдаланиш.


4-боб. Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартининг таркибий қисмлари

7. Давлат таълим стандарти қуйидаги таркибий қисмлардан иборат:

умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси;

умумий ўрта таълимнинг ўқув дастури;

умумий ўрта таълимнинг малака талаблари;

баҳолаш тизими.

8. Умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув режаси (кейинги ўринларда — таянч ўқув режа деб аталади) умумий ўрта таълим муассасаларида ўқитиладиган ўқув фанлари номи, ўқув юкламасининг минимал ҳажми ҳамда уларнинг синфлар бўйича тақсимоти белгиланган ҳужжат ҳисобланади.

9. Таянч ўқув режа умумий ўрта таълим муассасаларининг дарс жадвалини ишлаб чиқиш учун асос ҳисобланади.

10. Таянч ўқув режа умумтаълим фанлари бўйича белгиланган таълим мазмунини ўқувчига етказиш учун ажратилган ўқув соатлари (давлат ихтиёридаги ва мактаб ихтиёридаги соатлар)нинг минимал ҳажмини белгилайди.

Умумий ўрта таълимнинг таянч ўқув
РЕЖАСИ

Т/рЎқув фанлариСинфлар
Ҳафталик умумий
соат
123456789
Давлат ихтиёридаги соатлар2224262630,532,533,53436264,5
1.Она тили ва адабиёт8810109755567
2.Ўзбек тили/рус тили
2222222216
3.Чет тили22223333323
4.Тарих



2233414
5.Давлат ва ҳуқуқ асослари






112
6.Иқтисодий билим асослари






112
7.Математика55555555545
8.Информатика ва ахборот технологиялари



0,50,50,5124,5
9.Физика




22228
10.Кимё





2226
11.Биология



122229
12.Табииёт ва география11111222213
13.Одобнома1111




4
Ватан туйғуси



11


2
Миллий истиқлол ғояси ва маънавият асослари





1113
14.Мусиқа маданияти1111111

7
15.Тасвирий санъат1111111

7
16.Чизмачилик






112
17.Технология11112221112
18.Жисмоний тарбия22222222218

Мактаб ихтиёридаги соатлар0,5




0,50,512,5

Умумий соатлар22,524262630,532,53434,537267

Амалий меҳнат машғулоти (кун ҳисобида)



661016

11. Педагог кадрлар салоҳияти ҳамда моддий-техника базаси етарли бўлган умумий ўрта таълим муассасаларида Қорақалпоғистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги, Тошкент шаҳар халқ таълими бош бошқармаси ва вилоятлар халқ таълими бошқармаларининг рухсати билан умумий ўрта таълим муассасаларининг педагогик кенгашларига дарс жадвалини тузишда таянч ўқув режадаги умумий соатлар ҳажмидан ошмаган ҳолда, маълум бир фанларни чуқурлаштириб ўқитиш мақсадида 15%гача ўзгартириш киритиш ҳуқуқи берилади.

12. Умумий ўрта таълимнинг ўқув дастури (кейинги ўринларда — ўқув дастури деб аталади) таянч ўқув режага мувофиқ ўқув фанларининг синфлар ва мавзулар бўйича ҳажми, мазмуни, ўрганиш кетма-кетлиги ва шакллантириладиган компетенциялари белгиланган ҳужжат ҳисобланади.

Ўқув дастури Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан ишлаб чиқилади ва тасдиқланади.

13. Умумий ўрта таълимнинг малака талаблари умумтаълим фанлари бўйича таълим мазмунининг мажбурий минимуми ва якуний мақсадларига, ўқув юкламалари ҳажмига ҳамда таълим сифатига қўйиладиган талаблардан иборат бўлиб, у қуйидагилардан ташкил топади:

билим — ўрганилган маълумотларни эслаб қолиш ва қайта тушунтириб бериш;

кўникма — ўрганилган билимларни таниш вазиятларда қўллай олиш;

малака — ўрганилган билим ва шаклланган кўникмаларни нотаниш вазиятларда қўллай олиш ва янги билимлар ҳосил қилиш;

компетенция — мавжуд билим, кўникма ва малакаларни кундалик фаолиятда қўллай олиш қобилияти.

14. Баҳолаш тизими — давлат таълим стандарти бўйича умумий ўрта таълимнинг малака талабларини ўқувчилар томонидан ўзлаштирилиши даражасини ҳамда умумий ўрта таълим муассасасининг фаолияти самарадорлигини аниқлайдиган мезонлар мажмуидан иборат.


5-боб. Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартини жорий этиш тартиби

15. Ўзбекистон Республикасида давлат таълим стандартини жорий этиш, мувофиқлаштириш, унга методик раҳбарлик қилиш Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан амалга оширилади.

16. Давлат таълим стандартини жорий этиш, шу жумладан умумтаълим фанлари бўйича таълим мазмуни ва сифатига қўйиладиган минимал талабларни, умумий ўрта таълим муассасалари битирувчиларига қўйиладиган малака талабларини тасдиқлаш педагогик тажриба-синов ишлари муваффақиятли якунланиб, уларга эксперт баҳо берилгач амалга оширилади.

17. Давлат таълим стандартига ўзгартириш ва қўшимчалар киритиш белгиланган тартибда Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамаси томонидан амалга оширилади.




6-боб. Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандарти талабларига риоя этилишини назорат қилиш

18. Давлат таълим стандарти талабларига риоя қилиш устидан назоратни амалга оширишнинг мақсади — давлат таълим стандарти талабларини бажариш даражасини аниқлаш, зарур чора-тадбирларни амалга ошириш асосида таълим сифатини таъминлашдан иборат.

19. Давлат таълим стандарти талабларига риоя қилиш устидан назорат Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан қуйидаги кўринишларда амалга оширилади:

давлат таълим стандарти талаблари асосида барча умумий ўрта таълим муассасаларида ўқувчилар эгаллаши лозим бўлган малака талабларига баҳо бериш;

таянч ўқув режа ва ўқув дастурларининг бажарилишини таҳлил қилиш;

умумий ўрта таълим муассасасида давлат таълим стандартлари талаблари бажарилиши ва таълим сифатига таъсир этувчи омилларни, фойдаланилган педагогик ва ахборот-коммуникация технологияларининг натижавийлигини таҳлил қилиш.

20. Умумий ўрта таълим сифатини назорат қилишнинг турлари қуйидагилардан иборат:

ички назорат — Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги томонидан тасдиқланган тартиб асосида умумий ўрта таълим муассасасининг мониторинг гуруҳи томонидан амалга оширилади;

ташқи назорат — таълим соҳасидаги ваколатли давлат органлари, ҳудудий халқ таълими бошқаруви органлари томонидан амалга оширилади;

давлат-жамоатчилик назорати — қонун ҳужжатларида белгиланган тартибда ҳудудий халқ таълими бошқаруви органлари ва нодавлат нотижорат ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилади;

миллий ва халқаро даражада баҳолаш — Ҳукуматнинг тегишли қарори ҳамда халқаро шартномалар асосида халқ таълими бошқаруви органлари, нодавлат нотижорат ташкилотлар ва халқаро ташкилотлар ҳамкорлигида амалга оширилади.

21. Умумий ўрта таълим муассасаси ўқувчиларининг билими сифатини назорат қилишнинг рейтинг тизими тартиби Ўзбекистон Республикаси Халқ таълими вазирлиги ҳамда Вазирлар Маҳкамаси ҳузуридаги Давлат тест маркази томонидан тасдиқланади.

22. Давлат таълим стандарти талабларининг бажарилмаганлиги учун жавобгарлик қонун ҳужжатларига мувофиқ умумий ўрта таълим муассасаси раҳбариятига юкланади.



Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 187-сон қарорига
3-ИЛОВА

Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари бўйича

МАЛАКА ТАЛАБЛАРИ

I-боб. Умумий қоидалар

1-§. Қўлланиш соҳаси

1. Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари бўйича малака талаблари (кейинги ўринларда — Малака талаблари деб аталади) умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими давлат таълим стандартларининг негизи ҳисобланади ва стандартлаштиришнинг умумтаълим фанларини ўрганишнинг босқичларини, ўқув фанлари бўйича таълим мазмуни ва малака талабларининг тузилишини белгилайди.

2. Малака талаблари таълимни бошқариш бўйича ваколатли давлат органлари ҳамда умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим фаолияти билан шуғулланувчи юридик шахслар томонидан қўлланилиши мажбурийдир.

3. Малака талаблари асосида таълим муассасасининг тури ва хусусиятларини инобатга олган ҳолда ўқув дастурлари, давлат аттестацияси учун умумтаълим фанлари бўйича назорат-баҳолаш кўрсаткичлари ишлаб чиқилади ва ваколатли вазирликлар, идоралар томонидан белгиланган тартибда тасдиқланади.


2-§. Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида умумтаълим фанларини ўрганиш босқичлари


4. Ўзбекистон Республикаси умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими тизимида давлат таълим стандартларига асосланган ҳолда умумтаълим фанларини ўрганиш қуйидаги босқичларда амалга оширилади:


Стандарт даражалариДаражаларнинг номланиши
A1Умумтаълим фанларини ўрганишнинг бошланғич даражаси
A1+Умумтаълим фанларини ўрганишнинг кучайтирилган бошланғич даражаси
A2Умумтаълим фанларини ўрганишнинг таянч даражаси
A2+Умумтаълим фанларини ўрганишнинг кучайтирилган таянч даражаси
B1Умумтаълим фанларини ўрганишнинг умумий даражаси
B1+Умумтаълим фанларини ўрганишнинг кучайтирилган умумий даражаси







3-§. Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари бўйича малака талабларининг тузилиши

5. Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг умумтаълим фанлари бўйича малака талаблари:

ўқув фанини ўрганишнинг босқичларини;

таянч ва фанга оид умумий компетенцияларни;

ўқув фанининг мақсад ва вазифаларини;

умумтаълим фанларини ўрганишнинг мазмунини;

умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари битирувчиларининг умумтаълим фанлари бўйича мажбурий тайёргарлик даражаларини ҳамда таълим муассасаларини битирувчиларига нисбатан қўйиладиган талабларни белгилаб беради.

4-§. Таянч ва фанга оид умумий компетенциялар

6. Ўзбекистон Республикасида таълимнинг узлуксизлиги, узвийлиги, ўқувчи шахси ва қизиқишлари устуворлигидан келиб чиқиб, уларнинг ёш хусусиятларига мос равишда қуйидаги таянч компетенциялар шакллантирилади.

Коммуникатив компетенция — ижтимоий вазиятларда она тилида ҳамда бирорта хорижий тилда ўзаро мулоқотга кириша олишни, мулоқотда муомала маданиятига амал қилишни, ижтимоий мослашувчанликни, ҳамкорликда жамоада самарали ишлай олиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.

Ахборотлар билан ишлаш компетенцияси — медиаманбалардан зарур маълумотларни излаб топа олишни, саралашни, қайта ишлашни, сақлашни, улардан самарали фойдалана олишни, уларнинг хавфсизлигини таъминлашни, медиа маданиятга эга бўлиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.

Ўзини ўзи ривожлантириш компетенцияси — доимий равишда ўз-ўзини жисмоний, маънавий, руҳий, интеллектуал ва креатив ривожлантириш, камолотга интилиш, ҳаёт давомида мустақил ўқиб-ўрганиш, когнитивлик кўникмаларини ва ҳаётий тажрибани мустақил равишда мунтазам ошириб бориш, ўз хатти-ҳаракатини муқобил баҳолаш ва мустақил қарор қабул қила олиш кўникмаларини эгаллашни назарда тутади.

Ижтимоий фаол фуқаролик компетенцияси — жамиятда бўлаётган воқеа, ҳодиса ва жараёнларга дахлдорликни ҳис этиш ва уларда фаол иштирок этиш, ўзининг фуқаролик бурч ва ҳуқуқларини билиш, унга риоя қилиш, меҳнат ва фуқаролик муносабатларида муомала ва ҳуқуқий маданиятга эга бўлиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.

Миллий ва умуммаданий компетенция — ватанга садоқатли, инсонларга меҳр-оқибатли ҳамда умуминсоний ва миллий қадриятларга эътиқодли бўлиш, бадиий ва санъат асарларини тушуниш, ораста кийиниш, маданий қоидаларга ва соғлом турмуш тарзига амал қилиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади.

Математик саводхонлик, фан ва техника янгиликларидан хабардор бўлиш ҳамда фойдаланиш компетенцияси — аниқ ҳисоб-китобларга асосланган ҳолда шахсий, оилавий, касбий ва иқтисодий режаларни туза олиш, кундалик фаолиятда турли диаграмма, чизма ва моделларни ўқий олиш, инсон меҳнатини енгиллаштирадиган, меҳнат унумдорлигини оширадиган, қулай шарт-шароитга олиб келадиган фан ва техника янгиликларидан фойдалана олиш лаёқатларини шакллантиришни назарда тутади. Мазкур компетенциялар умумтаълим фанлари орқали ўқувчиларда шакллантирилади.

Шунингдек, ҳар бир умумтаълим фанининг мазмунидан келиб чиққан ҳолда ўқувчиларда фанга оид умумий компетенциялар ҳам шакллантирилади.


Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 187- сон қарорига
5-ИЛОВА

Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълим муассасалари учун умумтаълим фанларидан ўқув-методик мажмуаларнинг янги авлодини ишлаб чиқишга қўйиладиган

УМУМИЙ ТАЛАБЛАР

1-боб. Умумий қоидалар

1. Мазкур Умумий талаблар Ўзбекистон Республикасининг «Таълим тўғрисида»ги, «Кадрлар тайёрлаш миллий дастури тўғрисида»ги қонунлари, Ўзбекистон Республикаси Президентининг «Умумтаълим мактаблари ўқувчиларини дарсликлар билан таъминлаш тизимини такомиллаштириш борасидаги қўшимча чора-тадбирлар тўғрисида» 2006 йил 31 майдаги 362-сон, Вазирлар Маҳкамасининг «2005 — 2009 йилларда умумтаълим мактаблари учун дарсликлар ва ўқув-методик қўлланмалар нашр этиш дастури тўғрисида» 2004 йил 22 ноябрдаги 548-сон ҳамда «2009 — 2013 йилларда ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун ўқув қўлланмаларини нашр этиш дастури тўғрисида» 2009 йил 20 мартдаги 80-сон қарорларига мувофиқ, умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш тартибини белгилайди.

2. Мазкур Умумий талабларда қуйидаги асосий тушунчалар қўлланилади:

Ўқув-методик мажмуа — дарслик, машқ дафтари, ўқитувчи учун методик қўлланма, дарсликларнинг мультимедиали иловасидан иборат мажмуа.

Дарслик — давлат таълим стандартларига мувофиқ ўқув дастури асосида дидактик, методик, педагогик-психологик, эстетик ва гигиеник талабларга жавоб берадиган, ўқув фанининг мавзулари тўлиқ ёритилган, унинг асослари мукаммал ўзлаштирилишига қаратилган, ўқув фанининг мақсад ва вазифаларидан келиб чиққан ҳолда таълим олувчиларнинг ёши ва психофизиологик хусусиятларини ҳисобга олган ҳолда ишлаб чиқиладиган, назарий маълумотлардан ташқари амалий-тажриба ва синов машқларини қамраб олган китоб шаклидаги ўқув нашри.

Машқ дафтари — дарсликнинг таркибий қисми ҳисобланадиган, давлат таълим стандартларига мувофиқ ўқувчилар томонидан эгалланган билим ва кўникмаларни мустаҳкамлаш ҳамда ўқув фанининг мавзуларига мос равишда ишлаб чиқилган, мантиқ ва тафаккурни ривожлантиришга қаратилган (кроссвордлар, бошқотирмалар, мантиқий фикрлашга ундовчи топшириқлар ва ҳоказо) топшириқлардан иборат бўлган дидактик восита.

Ўқитувчи учун методик қўлланма — дарсликдаги ҳар бир мавзуни самарали ўқитиш методикаси, қўшимча синов топшириқлари ва ўқитувчининг дарсни қизиқарли ташкил этишига оид бошқа методик кўрсатмалар берилган, ҳар бир дарснинг мақсади, дарсда фойдаланиладиган воситалар ва улардан фойдаланиш усуллари, дарснинг мазмуни, амалий машғулотлар, қўшимча топшириқлар ва бошқалар ҳақида методик кўрсатмалар аниқ баён қилинган китоб шаклидаги ўқув нашри.

Дарсликларнинг мультимедиали иловалари — ахборот-коммуникация технологиялари ёрдамида ўқув фанига оид материалларни давлат таълим стандарти ва ўқув дастурига мос равишда ёрита оладиган, ўқув фанини самарали ўзлаштиришга, ўқувчиларнинг мустақил таълим олишига кўмаклашувчи ҳамда видео, овоз, анимация, жадвал, матн ва луғатларни ўз ичига олган, билимларни назоратдан ўтказиш ва мустаҳкамлашга йўналтирилган, ўқув фанининг асосий мазмунини бойитадиган қўшимча материалга эга бўлган ёки шу каби манбаларга мурожаатларни ўз ичига олган интерактив электрон ахборот-таълим ресурси.

3. Ўқув-методик мажмуалар давлат таълим стандартлари, ўқув режа ва дастурларига мувофиқ, дидактик, методик, педагогик-психологик, эстетик ва гигиеник талаблар асосида ишлаб чиқилган дарслик, машқ дафтари, ўқитувчи учун методик қўлланма ва дарсликнинг мультимедиали иловаларини ўз ичига олади.

4. Ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш қонун ҳужжатлари ҳамда ушбу Умумий талабларга мувофиқ амалга оширилади.


2-боб. Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқишнинг мақсад ва вазифалари


5. Ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқишнинг мақсади умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун замонавий фан ва техника ривожини ҳисобга олган ҳолда компетенциявий ёндашув талаблари асосида ўқув материаллари мазмуни ва сифатини такомиллаштириш ҳамда ушбу соҳадаги илғор хорижий тажрибани самарали татбиқ этишдан иборат.

6. Ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқишнинг асосий вазифалари қуйидагилардан иборат:

ўқув-методик мажмуаларнинг янги авлодини ишлаб чиқиш принциплари ҳамда уларнинг мазмуни ва сифатига қўйиладиган талабларни белгилаш;

ўқувчиларда миллий ғурур ва ифтихор, моддий ва маънавий меросга қадриятли муносабатни таркиб топтириш;

давлат таълим стандартлари талаблари асосида ўқувчилар томонидан билим, кўникма ва малака ҳамда компетенцияларнинг тўлиқ ўзлаштирилишига эришиш;

ўқувчиларда мустақил ва эркин фикрлашни ҳамда уларнинг ижодий қобилиятларини ривожлантириш;

янги авлод ўқув-методик мажмуаларини яратиш ва амалиётга жорий этиш;

ўқувчиларда илмий дунёқараш ва глобал тафаккур юритиш компетентлигини шакллантириш;

умумтаълим фанларини ўқитишнинг принципиал янги методологияси асосида таълим-тарбия самарадорлигини ошириш.


3-боб. Умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълими муассасалари учун ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш принциплари

7. Ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқиш қуйидаги принциплар асосида амалга оширилади:

ўқув-методик мажмуалар таълим соҳасидаги давлат сиёсатининг асосий принциплари асосида яратилганлиги;

ўқувчиларнинг ақлий ва жисмоний имкониятлари, ёши, психофизиологик хусусиятлари, билим даражаси, қизиқишлари, лаёқатлари ҳисобга олинганлиги;

ўқувчиларда ватанпарварлик ва миллий ғурур ҳиссини шакллантиришга қаратилганлиги;

умумий ўрта ва ўрта махсус, касб-ҳунар таълимининг зарур ҳажми берилганлиги, ўқувчиларда мустақил ижодий фикрлаш, ташкилотчилик қобилияти ва амалий тажриба кўникмаларини ривожлантиришга йўналтирилганлиги.


4-боб. Ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқишга қўйиладиган талаблар


8. Ўқув-методик мажмуаларни ишлаб чиқишга қуйидагича талаблар қўйилади:

Дидактик талаблар:

ўқувчи томонидан ўқув материалларининг тўлиқ ўзлаштирилишини таъминлаш;

матнлар ахборот беришга эмас, балки ўқув фанининг мазмун-моҳиятини тушунтириш мақсадларига хизмат қилиши;

қизиқарли, лўнда ва ҳамма учун қулай ва табақалаштирилган бўлиши;

илмий дунёқарашни шакллантириш, ватанпарварлик ва миллатлараро тотувлик талабларига жавоб бериши, аниқ далилларга асосланган материаллардан таркиб топиши;

таълимнинг кундалик ҳаёт ва амалиёт ўртасидаги боғлиқлигини таъминлашга, олинган билимларни амалиётда қўллай олиш лаёқатлари шакллантирилишига, бошқа ўқув фанлари билан узвий боғлиқликни таъминлашга йўналтирилган бўлиши;

расмлар кўринишидаги иллюстрациялар: хариталар, чизмалар, схемалар, жадваллар, диаграммалар ва фотосуратлар билан безатилган бўлиши;

янги тушунчалар, атамалар, қоидалар, формулалар, таърифлар ва шу кабилар луғат кўринишида ифодаланган бўлиши лозим.

Илмий-методик талаблар:

фан-техниканинг сўнгги ютуқларини ўзида акс эттириши;

ўқув фани мавзуларининг мазмунан яхлитлиги таъминланган бўлиши;

ўқув фани мавзулари ўзбек адабий тили қоидаларига тўлиқ риоя қилган ҳолда оддий ва содда, тушунарли ва равон тилда баён қилиниши;

мантиқий кетма-кетликка ва изчилликка амал қилиниши;

миллий ғоя ва Ўзбекистон халқининг менталитетига зид бўлмаган тегишли иллюстрациялар билан бойитилиши;

савол ва топшириқлар аниқ ифодаланган бўлиши;

ўқувчиларни фикрлашга, ёзишга, тасвирлашга, чизма чизишга, ҳисоблашга, амалий ишларни бажаришга, тажрибалар ўтказишга ўргатишда педагогик технологиялардан фойдаланиш назарда тутилган бўлиши;

бир тушунчанинг икки хил атама билан ифодаланишига, саналарни келтиришда мавҳумликка йўл қўйилмаслиги;

касб-ҳунарга йўналтиришга оид матнлар ва расмлар, изоҳли луғат, техник ижодкорлик ва мантиқий тафаккурни ўстиришга қаратилган лойиҳалаш ҳамда моделлаштириш юзасидан топшириқларни қамраб олган бўлиши лозим.


Педагогик-психологик талаблар:

кенг жамоатчилик томонидан тан олинган илмий асосланган маълумотлар, ўқувчиларнинг билим даражалари, эслаб қолиш қобилиятлари, тафаккури ҳисобга олинган ҳолда воқеа ва ҳодисаларнинг моҳиятини англашга ва амалий қизиқишларини ривожлантиришга, билим олишга ва амалий фаолият билан шуғулланишга бўлган эҳтиёжларини тўлақонли қондиришга йўналтирилган бўлиши;

ўқув фани мавзуларининг ўқувчи ёши ва психофизиологик хусусиятларига мос ҳолда берилиши, маълум фактлар, тушунчалар, қоидалар ва фанлараро боғлиқликни ҳисобга олган ҳолда тушунарли баён қилиниши;

ўқувчиларнинг янгиликларни қабул қилиш қобилиятлари, олдин олган билимларини ўзлаштирганлик даражаси ҳисобга олинган бўлиши лозим.

Эстетик талаблар:

имкон даражасида ёрқин, рангли, қизиқарли ва чиройли бўлиши;

матнлар ўқувчига маълум ижобий ҳиссий таъсирларни ўтказиши ва ўқув фанига қизиқиш уйғотиши;

бўлим, боб, параграф ва мавзулар матнларининг турли шакл ва ранглар билан ажратилиши, мутаносиблиги таъминланиши;

расм ва тасвирлар бадиий эстетик талабларга жавоб бериши, аниқ ва тиниқ ифодаланиши лозим.

Гигиеник талаблар:

матн ва иллюстрациялар санитария қоидалари, нормалари ва гигиена нормативларига мос бўлиши;

ҳарфларнинг катталиги ва қоғознинг сифати (оғирлиги, қалинлиги, оқлиги ва шаффофлиги) Вазирлар Маҳкамасининг «Таълим муассасалари учун матбаа маҳсулотларининг хавфсизлиги тўғрисидаги умумий техник регламентни тасдиқлаш тўғрисида» 2015 йил 3 июндаги 146-сон қарори талабларига мос бўлиши лозим.


Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 6 апрелдаги 187-сон қарорига
7-ИЛОВА

Ўзбекистон Республикаси Ҳукуматининг 2020 йил 1 сентябрдан бошлаб ўз кучини йўқотган деб ҳисобланадиган қарорлари

РЎЙХАТИ

1. Вазирлар Маҳкамасининг «Умумий ўрта таълимнинг давлат таълим стандартларини тасдиқлаш тўғрисида» 1999 йил 16 августдаги 390-сон қарори.

2. Вазирлар Маҳкамасининг «Узлуксиз таълим тизимининг чет тиллар бўйича давлат таълим стандартини тасдиқлаш тўғрисида» 2013 йил 8 майдаги 124-сон қарорининг 2-банди ва унга 2-илова.скачать dle 12.0

Fikrlar: 0

Fikr qoldirish